MENU
Главная » Файлы » Машҳур қизиқарли ҳикоялар

Тоҳир Малик "ЭРКИН"
06.01.2014, 08:31
"ЭРКИН"
Қамоқхонанинг темир эшиги аввалига юракни эзадиган даражада ғижирлади, сўнг шиддат билан шарақлаб ёпилди. Эркиннинг назарида, темир эшик шарақламади, балки моғор ҳиди анқиб турган бу зах бино тарс иккига ёрилиб-ажралиб, шу заҳотиёқ уни ютиб юборгандай бўлди. Узунаси уч қадам, эни икки қадам келадиган совуқ, нимқоронғи хонада ёлғиз қолгач Эркиннинг баданида титроқ турди. Титроқ совуқданми ё қўрқувданми — буни аввалига ўзи ҳам фаҳмлолмади. 
Эшикнинг шарақлаб ёпилиши сўнгги умид учқунлари устига кул тортди. Қамоқхонанинг узун даҳлизидан қўлини орқасига қилиб юриб келаётганда ҳам ўша умид учқуни олисдаги юлдуз каби милтиллаб турган эди. 
Энди... тамом! Демак, бу шунчаки пўписа эмас! Демак, бу англашилмовчилик ҳам эмас! 
Эркин остона ҳатлаб бир қадам қўйганича қотиб турарди. Кўз олдини қоронғи парда қоплаган, назарида оёқларидан ҳам жон буткул чиқиб кетгандай эди. У ўзи билмаган ҳолда чўка бошлади. Аввалига чўнқайди, сўнг чўккалади. Тиззалари музлади. Титроқ кучайди. Бақирмоқчи бўлдию овози чиқмади. 
Қоронғи хона бирдан ёришиб кетди. Шундай ёришдики, ҳатто кўзларига ҳеч нима кўринмай қолди. Назарида, қамоқхона томини икки ёнга суриб кўринган қуёшга қараб, кўзи қамашгандай эди. Дам ўтмай хона аста қизара бошлади. Охири қондек тўққизил тусга кириб, атроф чайқала кетди. Қамоқхона бино эмас, балки улкан қон денгизида қалқиб турган кема эди унинг хаёлида. Мавжлар бора-бора пўртанага айланди. Тиз чўкканича қалтираётган Эркин ўроқ солинган буғдой поясидай шилқ этиб ёнга қулади. Чаккаси бетонга тегиб, кўз олдини қоплаб турган қип-қизил қон денгизи қоп-қора зимистон чоҳга айланди. У зимистон чоҳга гўё учиб тушди. Қалтироқлари ҳам қолган, бадандаги зирқироқ оғриқ ҳам кўтарилган эди. У ўзини енгил ҳис қилар, қушдай учарди... 
Белига энли камар боғлаган соқчи йигитчанинг жимиб қолганидан хавотирланиб, эшик туйнугини очиб қаради. 
Ерга ётиб олибди, бирон нима бўляптимикин?— деди у шеригига қараб. 
Рангпар шериги ҳам қаради-да: 
Ўлмайди, ётаверсин, — деб нари кетди. 
Эркин қанча ётганини билмайди. Ҳушига келди-ю, сукунат жарангидан даҳшатга тушди. Жимжитликнинг бу қадар даҳшат эканини у билмас эди. Шу сабабли ҳушига келган- келмаганини аввалига билмай ётди. Бир пайт онаси сукунатни парчалаб: «Тур, болам, шамоллаб қоласан», деб шивирлагандай бўлди. Эркин сесканиб бошини кўтарди. Қулоқ тутди — онаси бошқа гапирмади. У атрофга аланглади: тўғрида темир каравот қорайиб турибди. Тепада хира чироқ. Бир томонда темир панжарали дарча. Орқада темир эшик. Бошқа ҳеч нарса йўқ. 
У қаддини ростлади-да, музлаб қолаётган ўнг қўли-ни, ўнг биқинини силади. Мажолсиз оёқларини бир-бир судраб босиб каравотга бориб ўтирди. Кўрпа бўлиб кўрпамас, жун чойшаб бўлиб жун чойшаб бўлмаган бир увадани олиб ўранди. Баданига сал иссиқлик югурди. Совуқ чекингач, очлик хуруж қилди. 
Тун бўйи мижжа қоқмаган йигитчани тонгда, нонушта қилишга ҳам қўймай олиб келишган эди. «ЭН-КЕВЕДЕ» деса жони ҳалак қўшнилар эшиклари тирқишидан мўралаб қолаверишган, нола қилаётган онасини юпатгувчи зот топилмаган эди. Эркин кун бўйи тик турганича сўроқларга жавоб берди. Қош қорая бошлаганда келтириб бу хонага тиқишди. 
Эркин нимқоронғи, зах хонага ҳам, сукунатга ҳам аста кўника бошлади. Бир йил ичида аввал акасидан, сўнг отасидан айрилган, отасининг дўстлари ҳам бирин-кетин қамалаётганини эшитиб довдираб қолган ўн етти ёшли йигитча учун ўтган кеча ва кундуз кутилмаган синов эди. 
Уч кун аввал мактаб директори уни чақиртирди. Чўққи соқолли бу одам ғоят сертакаллуф, ҳатто болаларни ҳам сизлаб гапирар, бировдан ранжиганини сира сиртига чиқармас эди. Ана шундай мулойим одамни ранги оқарган ҳолда кўриб, Эркин ажабланди. 
Кечқурун Нозимхўжа акангизни ҳам олиб кетишибди, — деди у саросима билан. — Биттадан теришяпти. Сиз ҳозироқ уйингизга боринг. Дадангизнинг китобларини, кундаликларини, мактубларини, хуллас, ёзилган қоғоз зоти борки, беркитинг. Жулқунбой билан Чўлпоннинг китоблари зинҳор юзада қолмасин. Эҳтиёт бўлинг, болам, бора қолинг. 
Нимага, муаллим, — деб эътироз билдирди Эркин, — дадам... йўқлар-ку? Шунда ҳам келишадими бизларникига? 
Келишлари мумкин... 
Эркин муаллимнинг қўрқоқлигидан бир кулиб, бир ҳайрон бўлиб, уйига борди. Унинг гапларини онасига айтди. Онасининг ранги ўчиб, «Вой, ўлмасам...» деб икки юзига кафтларини босди. Уч ойдан бери пенсия пули берилмай қўйилганининг боисини шу топда англади. Бир оз саросимада турди-да, кейин токчалардаги китобларни саралай бошлади. Унинг қўли ишда, лаблари эса: «Вой, худойим, энди нима қилдим, буларни қаерга яширдик?» — деб пичирлади. 
Эркинжон, болам, буларни қаерга яширамиз? Ёқмасак бўлмайди, шекилли? — деди онаси тўпланган китобларга қараб. 
Эркин «Ҳазиллашяптиларми?» деб унга тикилди. Кейин онаси ҳозирнинг ўзида ўт қўйиб юбораётгандек қўлларига ёпишди. 
Йўқ, — деди у қатъий, — ёқмайсиз! Бу дадамнинг китоблари! 
Дадасининг қўллари теккан китобларни ёқишга йўл қўя олмас эди. Китоб ёнса, дадасининг хотираси ҳам куйиб кул бўларди. Оқибатда бу уйда табаррук ҳеч нарса қолмас эди. Эркин хотирасиз яшамоқ, туйғулардан маҳрум бўлмоқ ваҳшийлик эканини ҳали тушуниб етмасди. У ҳозир бир нарсани аниқ биларди — отасининг қўллари теккан буюм табаррук, муқаддас. Муқаддас нарсани эса ёқиб бўлмайди. Онасининг қўлларини ушлаб, кўзларига тикилди. Унинг бу қарашида «ўлсам ўламан, аммо ёқтирмайман» деган қарор зоҳир эди. Она ўғлининг қалбида портлаган, бироқ тилидан учмаган бу гапларни юраги билан эшитди. 
Нима қиламиз бўлмаса? — деди йиғламсираб. 
Кўмиб қўямиз. 
Ошхонада одам бўйи келадиган катта хум бўларди. Эркин эсини таниганидан буён бу хумга дон-дун тўлатилганини билмайди. Ҳозир Эркиннинг хаёлига дафъатан шу бўш хум келди. Ташқарига чиқиб, ўра қазий бошлади. Онаси эса ҳамон йиғламсираб мактубларни, ҳужжатларни тўпларди. 
Эркин ҳумнинг оғзини маҳкамлаб, устига тупроқ тортиб, сўнг итининг ёғоч уйини суриб қўйганида тун ярмидан оққан эди. 
Эрталаб мактабга борган Эркин директорнинг «халқ душмани» эканини билди. Директорнинг кечаги қиёфаси кўз ўнгидан кетмай, ўзининг ҳам саросимага банди бўлиб бораётганини сезмади. 
Оқшомда эса булар келишди. Бошқаларга буйруқ бераётган чарм курткали кишини Эркин бир кўришдаёқ таниди. Жавлон исмли бу одам авваллари ҳам бир-икки келган, лекин дадаси уни нимагадир хушламас эди. Меҳмон изига қайтгач, дадаси оила даврасида унинг фазилатларини шарафлаб ўтирар эди. Меҳмон кўнглига ўтирмайдиган, хуш кўрилмайдиган бўлса, индамай қўя қоларди. Унинг бу одати Эркинга ҳам маълум, шу сабабли тилга олинмаган меҳмоннинг кимлигини сўраб-суриштирмас эди. Шу туфайли чарм курткали Жавлоннинг кимлигини билмас эди. 
Дадаси қайтиш қилиб берганда ҳам бу одам келган, «Мираббосов большевик эди, большевикчасига кўмамиз», деб хархаша қилган. Эркиннинг бувиси чиқиб, «Болам большевик бўлган эди, тўғри, лекин ота-боболаридай ётаверсин. Большевик тахта қутида ётсин, деган қонунингни кўрсат», дегач, ён босган, аммо «Юзини очинглар, хайрлашайлик», деб тиқилинч қилган. Одамлар: «Кафанлаб қўйилган, очиб бўлмайди», деб койиб беришгач, жанозани ҳам кутмай кетиб қолган. 
Айнан шу одамнинг келиши Эркинга жумбоқ эди. 
Жавлон ҳатто этигининг чангини ҳам қоқмай уйга кириб келди. Аввал наматни, сўнг тўшалган кўрпачаларни босиб ўтиб, токчага яқинлашди. 
Ҳм, Маркс, Ленин... яхши... — деди у китобларни қараб, — ўртоқ Сталиннинг китоблари қани? 
Эркиннинг онаси каловланиб, жавоб бера олмади. 
Қанақа большевик экан бу Мираббосов, уйида доҳийнинг китоби бўлмаса... Мана бу ерда Қодирийнинг, нариги токчада Чўлпоннинг китоблари турар эди. Қани у китоблар? 
Онаси яна жавоб тополмай қолди. Саволларига жавоб бўлмагач, Жавлон овозини баландлатиб сўради: 
Китоблар қани деяпман?! 
Уларни... уларни ёқиб юборганмиз. 
Ёқиб юборганмиз? Нимага? 
Шу... нимайди?.. 
Онасининг ўртанишига чидай олмаган Эркин жавоб қайтарди: 
Халқ душманларининг китобларига большевикнинг уйида жой йўқ! 
Жавлон заҳарли жилмайиш билан Эркинга тикилди: 
Шунақами? Яхши... Аммо сендан сўраганим йўқ, тирранча, сен гапга аралашма... Хўш, демак, китобларни ёққансиз? Эрингиз қаерда, уни ёқмагандирсиз, а? 
Эркин ҳам, онаси ҳам ҳангу манг бўлиб қолишди. Бу одам ҳазиллашяптими ё чин гапиряптими — фарқлай олишмади. 
Бу нима деганингиз... — деди онаси йиғламсираб. — Ахир дадаси... ахир ўзингиз кўргансиз... 
Кўрмаганман! Кўрай деганимда мени юлиб ташлагансиз, чунки кафан ичида бошқа одам бўлган. Мираббосов халқ душмани, у адолат ҳукмидан қочиб юрибди. 
Ҳаққингиз йўқ бундай дейишга! Дадам чин большевик эдилар! 
Ўзингни бос, тирранча! Дадангни сендан кўра мен яхшироқ биламан. Мираббосов Бухородаги тинтувда топилган бир хум тилланинг ярмини топширмаган. Архивни кўтардик. Далиллар бор. Хўш, қолган тиллани қаерга яширган? Ё уни ҳам ёқиб юбордингизми? Майли, Мираббосов халқ душмани бўлмай қўя қолсин. Бундай дейишга арзимайди у. Мираббосов оддий ўғри. Биз ўғрини излаб топишимиз керак. 
Ўзинг ўғрисан! — Эркин ўзини тутолмай шундай деб бақирди-да, Жавлонга ташланди. Онаси йўлини тўсмаганида унинг кекирдагига чанг солиши аниқ эди. Жавлон бир имлаган эди, остонада турган аскар Эркиннинг қўлларини қайириб, ҳовлига судраб олиб чиқди. 
Қош қорайди, кеч кирди. Атрофга сокинлик чўкди. Гўё бутун шаҳар, бутун ўлка оромга берилган эди. Эркин шу онда бошқа хонадонлар ҳам ташвиш ўтида қоврилаётганини, эшикларининг тақиллашини хавотир билан, юрак ҳовучлаб кутаётганини билар эди. «Балки уч-тўрт уйни тинтишаётгандир, — деб ўйлади у, — лекин ўлган одамни топиб берасан, деб тиқилинч қилишмаётгандир?..» Эркин ичкарида нима гап бўлаётганини билмасди. У одамнинг ғўнғир-ғўнғир товушини, онасининг йиғламсираган овозинигина эшитарди. «Кўмилган қоғозларни, китобларни кўрсатсам, қораси ўчармикин буларнинг», деб ҳам ўйлади. Кейин қоғозлардаги бирон-бир сатр отасининг «халқ душмани» деб қораланиши учун асос бўлиши мумкинлигини англаб, ўзини тийди. У дадасининг кундаликларини ўқиган, айрим сатрлар ёд ҳам бўлиб кетган эди. 
Маразинг бир тарафдан, бир тарафдан хорсан миллат, 
Бадандин қон олдирғувчи беморсан миллат... 
Отасининг бадном бўлиб кетишига шу байтнинг ўзигина кифоя. Унинг инқилобдан аввал ёзилганига қараб ўтиришмайди. Эркин отасининг қамоққа олин-ган дўстларини эслаб, «Тирик бўлганларида дадам ҳам...» деб ўйладию, юраги орқасига тортиб кетди. Отасининг бу чарм курткали одамга бош эгишига, унинг олдига тушиб қўлини орқасига қилиб уйдан чиқиб кетишига Эркин чидай олмаган бўларди. Бошқалар қандай чидаяпти экан, нима учун уларнинг юраклари аламдан тарс ёрилиб кетмаяпти экан? 
Эркин кечаси билан шундай ўилар исканжасида тўлғанди. Тиз чўкиб ўтирган онасини кўриб Эркин унга талпинди. Чарм курткали одам йўлини тўсиб, билагини маҳкам сиқди: 
Онангга ачинсанг, олтинлар билан қоғозларнинг қаердалигини айт. 
Бизда олтин бўлмаган. Қоғозларни ёқиб юборганмиз. 
Ҳа, яхши. Бу ерда бир гап чиқмайди, шекилли. Сен мен билан кетасан. Суҳбатни идорада давом эттирамиз. «Энкеведе» нима эканини билмас экансизлар. 
Биз ўртоқ Сталинга шикоят қиламиз. Сиз ҳали жавоб берасиз! 
Жавлон «Илоннинг боласи илон, чаённинг боласи чаён», деб ижирғанди-да, Эркинни силтаб итарди. Онаси уйда фарёд тортиб қолаверди. 
Идорадаги суҳбат эски эшикнинг бир меъёрдаги ғижирлаши каби давом этиб, Эркиннинг асаб торларини бурдалаб ташлади. У одам уйдаги ўша саволларни эринмай, бир хил оҳангда такрорлайверди. Эркин ҳам бир хилда жавоб қайтараверди. Оқшомга бориб иккови ҳам ўлардай чарчади. Оқибат — Эркин қамоқхонага, Жавлон эса уйига йўл олди... 
«Ойим нима қилишни билмай ўтиргандирлар, — деб ўйлади Эркин. — Оғзим қурияпти, сув сўрасаммикин? Нима деб сўрайман? Шулардан сўрайманми?..» 
Эркин увадага ўраниб, очликдан силласи қуриб ўтирганида онаси қамоқхона атрофида зир қақшаб юрган эди. Кундузи ичкаридан тайинли бир гап чиқмагач, уйига қайтиб ош пишириб, тоғорачага сузиб келган, бир «инсофли одам» бу ошни Эркинга бериб қўяман, деб олганича дом-дараксиз кетган эди. Она бечора «ўғлим оч қолмайдиган бўлди», деб бир оз овунган, тоғорачадаги ошнинг шу девор ортида уч азамат томонидан иштаҳа билан ейилганидан бехабар эди. 
Қош қорайганда Жавлон чиқди. Онанинг: «Болам қани?» деган саволига «Сўроқ тугамади», деб тўнг жавоб қайтарди-ю, автомобилга ўтириб жўнаворди. 
Эртасига эрталаб қўнғир бинонинг совуқ деворига суяниб, мудраб ўтирган онани кўриб уни чақирди. 
«Энкеведе» билан ўйнашманг, девдим-а? — деди у пўписа оҳангида. — Ўжарлик қилманг. Болангиз мени ҳақоратлади. Илоннинг боласи илон, душманнинг боласи душман. Учликнинг ҳукми билан узоққа кетади. Ўйлаб иш қилинг. Эсингизни йиғсангиз, қутқариб қола оласиз. 
Ўғлимни бир кўрай. 
Мумкин эмас. Қоғозларни қаерга яширгансиз, олтинни-чи? 
Ахир айтдим-ку? 
Ўйланг, кечгача ўйланг. 
Она яна икки ўт орасида қовурилиб қолаверди. Ахир у нимани ўйлайди? Эри қаро ерда ётган бўлса. Уни тирилтириб олиб кела олмаса... Тирилтира олганда ҳам бу бедавонинг қўлига топширармиди? Нима учун топширади, нима гуноҳи бор экан у шўрликнинг? Эски замонда неча ўлимдан қолган эди, бу замонда ўлиб ҳам қутулмаса... «Олтинни топиб бер» дейди. Олтиннинг номини эшитишган, ўзини кўришмаган бўлса... Ортиқча беш-ўн тангалари бўлганда тўнғичларини омон сақлаб қолишмасмиди? Йигит ёшида бу дунёдан ҳеч нима кўрмай кетди бечора. Пахта теримига чиқиб, ўпкасини шамолга олдириб қўйди-ю, ўнгланмади, қийналиб жон берди. Ота бояқиш юртим, халқим деб юраверган экан. Боладан ажралди-ю, юрти, халқи у ёкда қолиб, ўз жони ҳам кўзига кўринмай қолди. Устидаги мотам кийимини ечмай, боласи ортидан кетди. 
«Эркинжон, болам, онанг мен билан турмуш қуриб рўшнолик кўрмади, сен уни ўкситма». Унинг кетар чоғида васияти шу бўлди. Ана энди онасини бошида кўтариб юриши, нохуш шамоллардан асраши, бу муштипарга бахт нима эканини англатиши зарур бўлган фарзанд шу совуқ ғиштин бино ичида ўтирибди. Нима қиляпти у ерда, уни қийнашяитимикин, ё... Шу фикрнинг ўзиданоқ она юраги потирлаб, ёрилиб кетай деди. 
Кечгача ўйлаши керак... Кўмилган қоғозларни, китобларни бериб юборса қутулармикин? Ё нимага беркитгансанлар, бир айбларинг бор, деб яна баттар қилармикин? 
Она нима қиларини билмай турганида, катта эшик очилиб, бир аскар кўринди. У ёқ-бу ёққа аланглади-да, сўнг унга яқинлашди. 
Мираббосова сенмисан? — деди у дағдаға оҳангида. 
Менман. 
Уйингга жўна. Ҳали кечқурун боришади. Жилмай ўтир. Буйруқ шунақа. 
Ўғлим... Ўғлим-чи? 
Ўғлингни билмайман. Бор, жўна. 
Она унинг кўзларига умидвор нигоҳ билан боқиб, жиндек бўлса ҳам меҳр излади. Йўқ, меҳр топмади. Бу аскарнинг қарашлари совуқ, кўз косасига иккита муз парчаси солиб қўйилгандек эди. 
Она ундан узоқлаша бошлади. Оёқлари тошдай зил, босишга мажол йўқ эди. У анча вақтгача орқадан овоз келиб: «Ҳой, она, тўхтанг, ҳазиллашувдим, ҳозир ўғлингиз чиқади, бирга кетасизлар», дейилишини кутди. Ўн-ўн беш қадам юргач, илинж билан орқасига ўгирилди. Муз кўзли аскар кўринмади... «Нимага боришади, нимага кечқурун боришади?» деган савол уни турли хаёл кўчасига етаклади. Уйига яқинлашгач. «Эркинжонимни қўйворишган бўлса уйда кутиб ўтирганмикин?» деган хаёл чақмоқдай ярқ этиб, зулмат кўнглига ёруғлик берди. Зил-замбил оёқлари ҳатто енгиллашгандай туюлди. Шошиб эшикни очди. Ҳовлидан Эркиннинг «Ойижон!» деган овози эшитилгандай бўлди. Онанинг юраги яна портлади. Нафаси қайтиб, кўзи тинди. Эркини, Эркинжони яна бир «Ойижон!» дермикин, деб кутди. Йўқ, ҳовли ҳувиллаб ётарди. Она уйига сиғмай кўчага чиқди. Ўзи билмаган ҳолда акасиникига қараб юрди. Акаси уйда экан. Уни сал чўчиброқ қарши олди. 
Нимага келдинг, бунақа пайтда уйда ўтириш керак. Орқангдан одам тушган бўлса... — у шундай деб кўча эшикни қия очиб, ташқарига мўралади. 
Ойимни олиб кетаман. Кечқурун келишаркан. Ёлғизман, — деди она синиқ овозда. Бу ерга у далда илинжида келган эди. Акасининг қўрқаётганидан билдики, далдага умид қилиш — 
чўкаётган одамнинг хасга ёпишишидай бир гап. Ўз аканг шундай қилаётгандан кейин... 
Кампир қизини бағрига босиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. 
Кеча оқшом эшитганимдан бери адойи тамом бўлдим, борай десам, аканг қўймайди. Замон оғирла-шиб кетганмиш, нима қилай, қон ютиб ўтиравердим. 
Кечқурун келишаркан, ёлғизман. 
Бораман, болам, бораман. 
Сен кетавер, бирга юрманглар. Ўзлари борадилар, — деди акаси. 
Она қамоқхонадан узоқлашаётган дамда қўлларини орқасига қилиб олган Эркин Жавлоннинг хонасига кириб келган эди. Жавлон йигитчанинг кўзларидан ниманидир уқмоқчи бўлгандай қаттиқ тикилди. Эркиннинг кўзларида уйқусизлик, очлик азоби зоҳир эди. Жавлонга худди шу керак: азобга банди бўлганми, йўқми — шуни билиш истагида тикилган эди. Излаганини топиб, юзига ғолиб одамнинг масрур кулгуси югурди. 
Ўтир, онанг овқат олиб келибди, еб ол, — деди у мулойимлашиб. 
Эркин стол устидаги тунука коса, буғи кўтарилиб турган шўрва, бир бурда нонни кўриб, ютинди. Лекин сир бой бергиси, бу одамнинг марҳаматидан фойдалангиси келмади. 
Қорним тўқ, — деб юзини четга бурди. 
Жавлон унга яқинлашиб бўйнидан ушлади-да, стол томон итарди. 
Ўтир, еб ол, тирранча! Сенга ким қўиибди аразлашни. Қорнингни тўйғазиб, саволимга жавоб беру жўнаб қол, онанг кутиб турибди кўчада. 
Эркин ўтириб, қўлига қошиқ олди. Шўрва томоғини куйдириб ўтди. Шўрва шўр эди. «Майли,бир-икки қошиқ ичай, яна сулайиб қолмай», деб ўйлади у. Шу пайт аскар йигит қайнаб турган самовар олиб кириб қўйди. «Чой ҳам бераркан», деб кўнглидан ўтказди Эркин. «Яна бир қошиқ, кейин ичмайман...» деб ўтириб косани бўшатди. Шундан кейин ичи ёна бошлади. «Бу одам чой дамлайдими?» деб кутди. Жавлон самоварга қараб ҳам қўймади. 
Қорнинг тўйдими? Энди айт: отангнинг қоғозлари; кундаликлари қаерда? 
Ёқиб юборганмиз. 
Кечаги савол-жавоб, кечаги томоша қайтадан бошланди. Йўқ, томоша кечагидай эмасди. Эркинни кечаги дадиллиги тарк этган, аксинча уйқусиз икки тун, очлик азобига қўшилган ташналик ҳукмини ўтказа бошлаган эди. У ўзини аранг тутиб турарди. 
Дадангнинг кундаликларини ўқиганмисан? 
Йўқ. 
Унда нимага ёқдинг? 
Кераксиз қоғозлар деб ўйлабман. 
Бекор айтибсан, ўқигансан. Бу кундалик отангни халқ душмани сифатида фош қилишини билгансан. 
Отам душман эмас эди! — Эркин шарт ўрнидан турди. Лекин Жавлон уни елкасидан чангаллаб, жойига босиб ўтқазди. 
Мен ўқиганман, отангнинг кундалигини. Эсимда турибди. «Халқ ночор, халқ юпун, халқ ўлим тўшагидаги бемор. Бунга сабаб юмшоқ ўринда кекириб ўтирган ўртоқларнинг думба чайнаб чандирни халққа отиши, қаймоқ ялаб, шилдир сувни халққа бериши, палов ошалаб, ювиндини халққа раво кўришидир...» деб ёзган отанг. Ўқигансан, а? Ҳа, ўқигансан. Бунақа гапни фақат душман айтади. Қани ўша кундалик, қаерга яширдинг? Ёқиб юборганингга ишонмайман, барибир топаман. Сенинг терингга сомон тиқаман, онангни оёғидан осаман! Айт! 
Ёқиб юборганмиз... 
«Ҳозир шундай сайратайки...» Жавлон самовар қопқоғини очиб томизғичга қайноқ сув тўлдирди-да, Эркиннинг орқа томонига ўтди. Йигитчанинг бошига бир томчи қайноқ сув томизди. Кутилмаган оғриқдан Эркин сакраб тушди. Қайноқ томчи миясидан кириб товонидан чиққандай бўлди. Жавлон уни елкасидан босиб жойига ўтқазди. Яна бир томчи томизди. Эркин бу сафар дод деб юборди, Даҳлизда кутиб турган аскар ичкари кириб Эркиннинг қўлларини стулга боғлади. Жавлон бир оз фурсатдан кейин яна қайноқ сув томизди. Эркин бу азобларга узоқ дош бер олмади — ҳушидан кетди. 
Эркинни икки аскар суяб олиб чикди. Жавлон унинг орқасидан қараб заҳарханда билан «Тирранча!» деб қўйди-да, телефон дастагини кўтарди. 
Вадим Алексеевич, терговни тугатдим, Мираббосовнинг халқ душмани экани тасдиқланди. Ҳа, большевик ниқобида юрган. Ўн тўққизинчи йилда Бухоро амири билан шахсан учрашган. Шундан бери Совет ҳокимиятига қарши пинҳона курашиб келган. Сири фош бўлишини билиб ўзини ўзи ўлдирган. Ўғлининг озодликда қолиши совет ҳокимияти учун ғоят хавфли. Қарашлари аксилинқилобий... ҳа, ашаддий миллатчи... Фикримми?.. Йигирма беш йилдан кам эмас... Ҳа, учликнинг ҳукмини тайёрлаб қўяман. 
У трубкани қўйгач, чуқур тин олди. «Бир вақтлар менинг уруғимни қуритмоқчи эди. Сал 
вақтлироқ ўлди-да, уруғ қуритиш қанақа бўлишини кўрарди», деб ўзидан-ўзи қувонди-да, «Миллатчи унсур Эркин Мираббосовни йигирма беш йил озодликдан маҳрум қилиш» ҳақидаги уч кишидан иборат ҳайъатнинг қарорини ёза бошлади. 
Эркин муздай хонада ўзига келди. Қаддини кўтариб бошини ушлаб кўрди. Чарм курткали одам, назарида бошига ўткир михлар қоққандек эди. Эркин бошида оғриқ сезмади. Аммо дам ўтмай ташналик азоби буровга олди. Кўкрагини муздай тошга бериб ётди — ҳаловат топмади. 
Ўрнидан турди. Юзини деворга босди - ором ололмади. Соқчини чақириб, сув сўрамоқчи бўлди. Ярим йўлда тўхтади. «Буларга ялинмайман!» деб орқасига қайтди. Қулоқлари остида сув жилдирагандай бўлди. Кўзига қизларнинг қирқкокилидай билинглаётган, қизғиш ўтларни ўйнатиб оқаётган ариқдаги зилол сув кўринди. Кўзларини чирт юмиб, қулоқларини кафти билан беркитди. Шу аҳволда узоқ ўтирди. Азобларни эсламасликка, бошқа воқеаларни ўйлашга ҳаракат қилди. Ўйлари айланиб келиб, сўроққа тақалаверди. 
Шунча азоблар етмагандай кўнгли беҳузур бўлиб ўқчиди. Қорни бураб оғриб, букчайиб қолди. Кўз олдига яна қонли дарё келиб, қамоқхона шу дарёдаги пачоқ кемадай чайқала бошлади. Кейин зимистон бағрига отилди. Шунда ўзини сал енгил ҳис қилгандай бўлди. Аммо бу ҳол узоқ чўзилмади. Кўзини очиб яиа совуқ девор, темир эшик, темир панжарали дарчани кўрди. Ичакларини бир нима ёндиргандай бўлди. Томоғи, оғзи қуриди. Қулоғи остида шилдираётган сув дам ўтмай шаршара каби шовуллади. Ариқ кенгайиб анҳорга айланди. Анҳорнинг зилол сувлари кўпириб, тошиб, қамоқхона томон оқа бошлади. Дарвозаларни бузиб кириб, темир панжарали дарчага етиб келди. Эркин беихтиёр равишда тепага қараб, оғзини очди. Кўзига кўринган сув анҳордан оқиб келган эмас, балки хаёлидан тошиб чиққан эди. Буни англаб сўкинди. Деворга алам билан мушт урди. Аввалига тиз чўкиб ўтирди. Кейин ичи куйгандан куйиб бир оз ором оларман деган мақсадда яланғоч кўкрагини совуқ тошга босди. Ичидаги олов алангаси пасайгандек туюлди. Энди юзини ҳам тошга қўйди. Назарида, тош нам эди. Тилини чиқариб, тошни ялади. Бу ҳам озгина муддатгина фойда берди. Ичидаги оташ тошдаги муздан ғолиб келди. Эркин энди соқчини чақириб сув сўрашни ўйламас эди. Чарм курткали одам билан бўлган суҳбатларини ҳам эсламасди. У азоб тўлғоғига буткул банди бўлган эди. У тош устида типирчилай-типирчилай ҳолдан кетди. Ташналик ҳам, ичакларининг бураб тортиши ҳам барҳам топгандай тинчиди. Маъносиз боқаётган кўзларини темир панжарали дарчага қадади. Унинг оғзи емиш кутаётган полапон оғзидай очиқ эди. Оғир меҳнат қилиб ҳориган одамдай калта-калта нафас олар эди. 
У дарчага қараб нажот кутарди. Темир панжарага парво қилмай ёриб кираётган ёруғлик билан наҳот нажот ҳам кирмаса, наҳот бир томчигина сув тушмаса? Онаси кўчадамикин? Бақирса эшитармикин? У бақирмоқчи эди — овози заифгина ҳирқиради. Боши айланиб, кўзларини юмди. Кўзини очиб... темир панжара ортида акасини кўрди. Қалдирғоч мўйлов ярашиб турган ўша меҳрибон чеҳра. Ўша беғубор жилмайиш... 
«Укажоним, сенга нима бўлди?» «Акажон, сув беринг, ёниб кетяпман». «Бир ҳовучгина олибман сувни, ма, ич...» Деразадан тушган сув тош устига тўкилди. Эркин оғзини очганича қолаверди. 
«Нимага келдингиз, ака? Ахир сиз...» «Сени қийнашаётганини билиб келдим олдингга. Қийнашса ҳам айтма. Дадамни бадном қилишмоқчи булар. Кундаликдаги гапларни биласан- ку?» 
«Биламан. Одамлар бекордан-бекорга қулоқ қилиняпти, одамлар бекордан-бекорга азобга тортиляпти, деганлар. Булар мени ўлдиришса ўлдиришсин, лекин сир олишолмайди». 
«Ҳа, ўлсанг ўл, аммо айтма. Сен эркаксан. Улар сендан қўрқишади. Шунинг учун қийнашаяпти. Сен чида, мен яна сув олиб келаман...» 
Акаси кўринмай қолди. Эркин кўзларини юмди. Акасининг овозини яна эшитиб, кўзларини ялт этиб очди. Акаси ҳовучидаги сувни тўкди. Сув пастга етиб келмади, зарраларга бўлиниб, сочилиб кетди. 
«Ака, сизларнинг олдингизга боргим келяпти, нима қилай?» 
«Кела қол, укажоним. Дадам ҳам айтиб юбордилар. Сен билагингни тишла, томирингни уз. Шунда бизнинг олдимизга ҳур қуш бўлиб учиб келасан. Бўлақол, кутяпмиз сени...» 
Эркин кўзини юмиб очди, акаси кўринмади. Билагини аста тишлади. Жони оғриб, қўлини тортиб олди. Баданидаги оғриқлар қўзғалиб тош устида типирчилай бошлади. Шунда акасининг гапларини эслаб, жон аччиғида билагини тишлади — бу сафар оғриқ сезилмади. 
Тишини қаттиқроқ ботирди. Ақл-ҳушини йўқотган Эркин билагини шартта-шартта тишлаб ташлади. Томиридан отилган илиқ қон юзига тегиб кўнгли беҳузур бўлди. Кўз олдидаги дарёда қон мавж урди. Мавжлар устида қамоқхона, қамоқхона ичида Эркин чайқалди. Чайқала- чайқала ҳушидан кетди. У акаси айтгандай енгил учди. Уча-уча дадаси томон йўл олди. 
Бу онда Жавлон уларнинг ҳовлисида итнинг ёғоч уйини сурдириб, хумни кавлатиб олдирди. Қоғозлар ичидан кераклисини топиб кўнгли равшанлашди, «Жавлон Жабборов унсурлар тўдаси билан яширин тил боғлаганини бўйнига олди. Айбини қон билан ювишга онт ичди. Ҳайъат унинг қасамини инобатга олиб, большевиклар сафида бир йиллик синов муддати билан қолдирди. Мажлис раиси Мираббосов... 1919 йил». 
Ўғлим қачон келади? — деди она Жавлонга умидли нигоҳини қадаб. 
Кут, келади, — деди Жавлон эътиборсиз оҳангда. Кейин қоғозлар, китоблар боғламини кўтарган аскар йигитлар орқасидан юриб, кўчага чиқди. 
Эртасига ҳовли ҳувиллади. Тонгда онани ҳам олиб кетдилар. 

Категория: Машҳур қизиқарли ҳикоялар | Добавил: dias | Теги: Тоҳир Малик ЭРКИН
Просмотров: 1047 | Загрузок: 0 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: